Общее·количество·просмотров·страницы

среда, 18 декабря 2019 г.


ТАЪЛИМДА МАҚСАДЛИ ЁНДАШУВ-ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ОМИЛИ.

Маълумки, таълим жараёнларини замонавийлаштириш, жаҳон талабларига мос  мутахассисларни тайёрлаш, уларга таълим бериш ва таълим олувчини ўз ортидан эргаштира олиш учун бугунги ўқитувчига ёрдам бериши мумкин бўлган замонавий педагогик ва ахборот технологиялари ўқитиш жараёнида кенг қўлланилиб келинмоқда. Қолаверса, мамлакатимизда таълимни ривожлантириш жараёни жамиятимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.
Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар байрамига бағишланган табрик сўзида: “Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда...Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтиришга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир.”, -дея таъкидлаб ўтган.
Бугунги кунда таълим жараёнларида жаҳон талабларига мос  мутахассисларни тайёрлаш, уларга таълим бериш ва таълим олувчини ўз ортидан эргаштира олиш учун профессор-ўқитувчиларимиз томонидан замонавий педагогик технологиялардан кенг қамровда фойдаланилмоқда. Хусусан, тақдимот, кластер, пинборд, инсерт, кейс-стади каби таълим методларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, баъзи ҳолларда қўлланилаётган методларнинг таълимий мақсади дарс мавзусининг мақсадига мос келишига кам эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз навбатида ўқув машғулоти якунида талабалар томонидан мавзуни юқори фоизда ўзлаштиришга тўсқинлик қилади. Бу жараённинг илмий-психологик асосларини тўлиқ тушуниб олиш учун замонавий ўқитиш технологиясидаги ўзлаштириш даражалари ва уларга мос тарзда таълим методларини танлашга тўхталиб ўтиш лозим.
Хусусан, педагогик фаолият самарадорлигини ўқитиш (ёки ўзлаштириш даражалари) орқали кўрсатиб бериш - дидактик тавсифлаш деб юритилади. Ўзлаштириш даражаси - ўқитиш мазмунини эгаллаш даражаси бўлиб, ўқитиш мазмунини эгаллашдаги фаолияти ҳамда ўқув материални ўзлаштириш ўлчовидир.
Жаҳон тажрибасида ўзлаштириш даражалари тўрт турга бўлинади:
-биринчи даража-ўзлаштиришга оид бўлиб, унинг дидактик мақсади маълум бир мавзу юзасидан тушунчаларни шакллантиришдир;
-иккинчи даража алгоритмик(кетма-кетликка оид) бўлиб, бу даражанинг мақсади мавзу тўғрсида билимларни шакллантириш, назарий билимни ўхшаш ҳолатлар бўйича қўллаш, ҳаракатларни тартиб бўйича бажариш (ривожлантириш, мустаҳкамлаш)дан иборатдир;
-учинчи даража эвристик(изланувчанлик) деб аталади ва ўқитишнинг етакчи дидактик мақсади кўникма ва қобилиятларни шакллантиришда шахсий фаолият алгоритмини тузиб, мустақил ижодий изланиш олиб бориш орқали билимларни эгаллаш ва уларни янги вазиятларда қўллашдан иборат.
-тўртинчи даража ижодкорлик(изланувчан) деб номланиб унинг дидактик мақсади талабада муаммони мустақил ажратиш ва ечиш қобилияти, тадқиқотчилик ва изланувчанлик фаолиятига тайёргарлик,  нотаниш ҳолатларда ҳаракат қилиш қобилиятини шакллантиришни кўзда тутади.
Ҳар бир даража мос равишда талабада қуйидаги натижаларга эришишни мақсад қилади:
Ўзлаштиришга оид
· Қоида, таъриф, ибора, формулалар ва бошқаларни айтиб, кўрсатиб беради;
· Ўқув фанининг бошланғич маълумотларини билади ва ташқи белги ҳамда хоссаларига кўра ажратади;
·  Айтиб беради (элементар даражада ифодалайди);
Алгоритмик
·     Тушунтиради, асослайди, умумлаштиради, ишончли далиллар келтиради, солиштиради ва таққослайди, хулосалайди.
·      Масалаларни мустақил ечади;
·     Тайёр алгоритмлар бўйича хатти-ҳаракатларни амалга оширади, ўлчай олади, санайди, текширади, ташхис қўяди (тизимли, асбоб-ускуналар ва бошқ.), қисмларга ажратади, йиғади, техник чизма ва вазифаларни ўқийди, жиҳозлардан фойдаланиб ишлаб чиқариш операцияларини бажаради
Эвристик
(изланувчанлик)
· Режалайди ва шахсий фаолиятни ташкил этади;
· Фаолият алгоритмини мустақил тузади;
· Керакли ахборотни топади, танлайди, ўзгартиради, қўллайди;
· Баҳо беради, исботлайди, шарҳлайди, таснифлайди;
· Лойиҳасини тузади, тажриба-синовдан ўтказади;
· Ностандарт масалаларни, муаммоли вазиятларни ечади;
· Чизма ва техник топшириқларни изоҳлайди, берилмаган компонентларни тўлдиради.
 Таъмирлайди, носозликларни мантиқан аниқлайди, қайта тиклайди
Ижодкорлик (изланувчан)
·        Муаммони мустақил ажратади ва уни ҳал этиш йўлини топади;
·        Тадқиқот объекти ва фанини топади, тадқиқот фарази ва вазифаларини илгари суради, тажриба ўтказиш режасини тузади, тажриба ўтказади, тажриба натижалари асосида фаразни текширади, тажрибадан олганларни қўллаш чегарасини аниқлайди

Таълим тизимида қўлланилаётган ўқитиш методларида ўқитувчи ва талабанинг фаолияти мазмуни ҳамда дарснинг мақсадидан келиб чиқиш лозим. Ўқитиш технологиясини лойиҳалашда методни онгли танлаш учун, уларни ҳар бирининг имкониятларини кўра билиш керак. Хусусан, методларни танлашнинг асосий қоидаси-унинг турли туманлиги эмас ўқув машғулотининг мақсадига мос келиши, талаби-фақат натижа берадиганини қўллаш ҳамда самарадорлик мезони белгиланган вазифани ҳал этиш учун уни қўллашнинг мослиги ва тежамкорлиги эканлигига эътибор қаратиш лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, турли босқичлардаги ўқув машғулотларини режалаштиришда қуйидагидек мосликка амал қилиш мақсадга мувофиқ.
Ўзлаштириш даражаси
Таълим методи
Талабанинг фаолият мазмуни
Ўзлаштиришга оид
Маъруза
Тушунтириш
Кўрсатиш
Видеометод
эслаб қоладилар,  хатосиз хотирада сақлайдилар, бироқ  англамайдилар, балки ёдлаб оладилар.
Алгоритмик
Китоб билан ишлаш
Лаборатория методи
Машқ
Амалий иш методи
бевосита ўқитувчининг бошчилигида таҳлил қиладилар, таққослайдилар, тайёр намуна бўйича амалий ҳаракатларни бажарадилар
Эвристик
(изланувчанлик)
Таълимий ўйин
Пинборд
Инсерт
Муаммоли вазиятлар
ўқитувчининг кузатуви остида мустақил таққослайдилар, умумлаштирадилар, хулоса қиладилар, баҳолайдилар ва таҳлил қиладилар, муаммоли ҳолатларни ҳал этадилар ва ностандарт топшириқларни ечадилар, мураккаблаш-тирилган шароитдаги амалий ҳаракатларни бажарадилар
Ижодкорлик (изланувчан)
Ўқув лойиҳалар методи
Кейс-стади
улар учун янги бўлган муаммоларни ечиш жараёнида билимларни мустақил  излайдилар, кутилаётган натижаларга эришишнинг йўл ва воситаларини ўзлари аниқлайдилар

Шундай қилиб, ўқитишда замонавий педагогик технологияларни ҳар қандай интеграцияси таълимнинг барча босқичларида самарадорликни таъминлайди. Фақат, мазкур жараёнларда педагогнинг мақсадли ёндашуви ҳамда ўқитиш технологияларининг туб моҳиятига асосланган бўлиши лозим.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

ВЛИЯНИЕ КУЛЬТУРЫ МОНГОЛСКОЙ ИМПЕРИИ НА ВОСТОКЕ КИТАЯ И ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ.   Исаков А.А. 1 1 И саков Абдувохид Абдувахобович – преподав...