Общее·количество·просмотров·страницы

четверг, 4 января 2018 г.

Ранглар ва уларнинг инсон ҳаётида тутган ўрни

Инсоннинг кўзи доимий равишда нур ва турли хилдаги рангларга интилиб, талпиниб яшайди. У ўзи яшаётган муҳитни ана шу ранглардан фойдаланиб ўзига мослаштиришга интилади. Бу худди кундалик ҳаётимизда қора булутлардан сўнг чиққан қуёш нурини кўрганда кайфиятни кўтарилишга бўлган интилишга ўхшайди. Шунинг учун ҳам рангларнинг инсон ҳаётига таъсири қадимдан олим ва рассомлар диққатини тортиб келган.
Марказий Осиёда бу борадаги илк фикрлар ўрта асрларга тўғри келади. Жумладан, Султон Али Машҳадийнинг 1514 йилда ёзилган “Ҳаттотлар ва мусаввирлар ҳақида рисола”сида айтилишича, ўша давр қўлёзма девонларни безатишда қўлланадиган безак нақшлар турли-туман бўлиб ҳар бир девон тузувчининг саҳифаларга ранг ва оро беришида ўзига хос услуби бўлган.

Шунингдек, Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Камолиддин Беҳзод, Фирдавсий, Бобур каби жаҳонга машҳур алломаларимиз рангларнинг турлари, инсон соғлигига таъсири, маънолари ва бошқа хусусиятлари ҳақида жуда кўп илмий тадқиқотлар олиб борганлар. Чунончи, Абу Райҳон Беруний ўзининг “Китоб ал Жавоҳир- маърифат ал Жавоҳир” (Минералогия) асарида рангларнинг 200 дан ортиқ номларини санаб ўтган ва бу рангларнинг келиб чиқиши тўғрисида ёзган. 
Бугунги кунда эса ранг ва унинг инсон психологиясига таъсирини ўрганиш - эмпирик илм ҳисобланади. Рангни ўрганишнинг бош мақсади руҳият ва рангни ўзаро таъсири, келиб чиқиши, инсон ҳаётида у ёки бу вазиятларда, эмоционал ҳолатларда тутган ўрнини ёритиб беришдан иборатдир. 
Ранг барча жонворларга ҳаттоки, энг кичик организмларга таъсир килади. Ҳайвон ва ҳашоратлар ҳам рангларни ажратиб, уларга маълум бир таъсирлар кўрсатар экан. Масалан, пашшада олиб борилган тажрибада аниқланишича, улар кўк рангни ёқтиришмас экан. Бир хонани барча жихозларини, деразаларини кўк рангга бўяб, фақатгина бир кичкина деразани бўямай қолдирилибди. Айни пайтда барча пашшалар фақат оқ бўялмаган деразага қўнишибди. Чивинлар эса аксинча, энг хуш кўрган ранги кўк экан. Улар кўпинча кўк кийимдаги инсонларга хужум қилишлиги тажрибада исботланган.
Психолог Люшер ҳам рангларни узоқ вақт давомида ўрганиб, уларнинг инсон руҳиятига катта таъсири борлигини тасдиқлаган. Унинг фикрига кўра қизил – асаб тизимига кучли таъсир кўрсатади, ижодкорликка ундайдиган фаол ранг; яшил – руҳиятни тинчлантирадиган ранг; ҳаворанг, зангори – ранглар ҳам руҳиятни тинчлантириш билан биргаликда тана ҳароратини пасайтириш, қон босимини меъёрга келтириб, оғриқни сусайтириш хусусиятларига эга. Сиёҳ ранг ва бинафша ранг – илоҳий ҳиссиётлар ва ҳаёлпарастликка мойиллик уйғотади, улар асосан диндорлар ёки эртаксевар болаларнинг севимли ранги ҳисобланади. Жигар ранг – асабий холатдаги инсонлар танлайдиган ранг; қора ранг – танқид ва оқ ранг – софлик , мукамаллик ранги. 
Немис шоири ва санъатшунос олими И.В.Гёте ҳам рангларнинг киши организмига кўрсатадиган таъсири билан қизиққан. У  “Ранглар ҳақида таълимот” номли асарида илиқ ранглар кишида кайфи чоғлик, совуқ ранглар эса маъюслик туйғусини уйғотиши ҳақида ёзган. Узоқ вақт давомида рангли шишаларга тикилса, улар инсонда турли кайфиятни чақиришини ўз тажрибаларида исботлайди. Ҳар бир рангнинг ўзига яраша алоҳида белгиси, хусусияти мавжуд деб таъкидлаган. Унинг фикрича, хушкайфият уйғотувчи ранглар бу сариқ ва қизил. Бу ранглар инсонни шодлантирувчи, фаоллаштирувчи хисобланади. Салбий рангларга эса, тўқ кўк, қора рангларни мисол қилишимиз мумкин. Ушбу ранглар инсонни тушкунликка тушурувчи, ёмон хотираларни уйғотувчи хусусиятга эга. Яшил эса нейтрал ранг деб таъкидлаган. 
Юқоридаги фикрлардан шуни англаш мумкинки, ранглар ҳақиқатдан ҳам ҳар бир инсон ҳаётининг объектив бир бўлагигина эмас, балки руҳияти, кайфияти ва ҳаттоки соғлиғига ҳам ўз таъсирини кўрсата оладиган омил эканлигини англаймиз. Шундай экан, ранглар ва уларнинг хусусиятлари масаласига жиддий қараш, ҳар томонлама тадқиқ этиш зарур. Чунки, ранглар ҳақида маълумотга эга бўлиш ва ундан унумли фойдаланиш ҳар қандай жамиятнинг кундалик ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга ёрдам бериши мумкин
Хусусан, бу замонавий шаҳар меъморчилигида муҳим ўрин эгаллайди. Бир томондан олиб қараганди бир иншоотни инсон кайфиятига таъсир кўрсатувчи маълум бир ранг билан бўяб қўйиш мумкин, аммо меъморий қурилмалар маълум бир масофадан кузатилар экан, уларнинг ранглари ўз активлигини йўкотишини ҳам инобатга олиш лозим. Масофа узоклашган сари иссиқ ранглар ҳам ҳаво перспективаси қонуниятларига кўра совуқлашиб боради. Бу эса шуни англатадики, замонавий архитектор қурилма лойихасини режалаштиришда полихромиянинг форма ташкиллашувидаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда унинг масофадаги ўрни ва ранг эффектларидан натижали фойдалана олиши керак.


Меъморий обидаларни кузата туриб шуни айтиш мумкинки, бу фикр нафақат замонавий балки ўрта асрлар меъморчилигида ҳам актуал бўлган. Бунга Хива, Бухоро шаҳарларининг меъморий иншоотларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Минораларнинг рангли нақшлари, пештоқларга берилган сопол безаклар биринчидан улардаги текисликлар юзалари, ҳар-хил шаклий ўлчамларини ўзаро уйгунлаштирса, иккинчидан ёнма-ён, бир ансамблни фазовий ташкил этишда ўзининг орнаментал, ранг тузилишининг хилма-хиллиги билан иштирок этади. Бунга Марказий Осиё ва Европадаги кўплаб шаҳарлар архитектурасини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ранг, ранг гармонияси ва ундан самарали фойдаланиш инсон фаолиятида бекиёс роль ўйнайверади. Чунки инсонга табиат инъом этган борлиқни идрок этишда кўриш, рангларнинг хилма-хил "симфония"си инсонларда энг гўзал туйғу, ҳислар уйғотади. Ранг муҳитини тўғри ташкил қилинганда, у киши ҳаётини асосий безовчиси сифатида қатнашади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий

ВЛИЯНИЕ КУЛЬТУРЫ МОНГОЛСКОЙ ИМПЕРИИ НА ВОСТОКЕ КИТАЯ И ЦЕНТРАЛЬНОЙ АЗИИ.   Исаков А.А. 1 1 И саков Абдувохид Абдувахобович – преподав...