Жамиятнинг маънавий такомили унда амалга ошириладиган
таълим - тарбия ишларининг мазмуни, шакл ва моҳияти билан бевосита боғликдир.
Шу боисдан ҳам таълимдаги янгиланишни, мамлакатимизда амалга оширилаётган
боскичма - боскич таълим тизимини педагогик талқин қилиш ҳамда бу жараённи
самарадорли кечишини таъминлаш зарурияти юзага келади. 
Замонавий педагогик технологияда “Ўзлаштириш
даражаси” тушунчаси мавжуд ҳамда бу ўқувчиларда билимни пайдо қилиш,
мустаҳкамлаш ва уни амалда қўллай олишлари даражасига мос равишда тўрт гуруҳга
бўлинади. Булар, “Ўқувчиликка оид” ўзлаштиришнинг биринчи, “Тартиблиликка оид”
иккинчи, “Ижодий фикрловчиликка оид” учинчи ҳамда “Тадқиқотчиликка оид”
тўртинчи даражаларидир. Шундан кўриниб турибдики, ижодий ўйинлар ўқувчиларда
шакллантирилган билим ва тушунчаларни мустаҳкамлаш учун энг самарали йўллардан
биридир. Бу албатта ўзининг илмий ҳамда ижтимоий асосларига эга.
Маълумки, ўқувчиларнинг ўйинларга қизиқиши жудаям
кучли бўлади. Шунинг учун ҳам ўйинлар ўқувчини ҳар томонлама ривожлантиришнинг
муҳим воситаси, уларнинг асосий фаолияти бўлиб хизмат қилиши мумкин. 
Ижодий ўйинлар доимо ҳаётни акс эттиргани сабабли
унинг мазмуни ижтимоий вокеликда ўзгариб туради. Ўйин–мақсадга қаратилган, ўйланган
жараён бўлгани учун ҳам мазкур жараён асосида ўқув фаолияти ривожланади. Ўқувчи
ўйин жараёнида амалий эҳтиёжларга қарам бўлмайди. Бунда у ўзининг бевосита
эҳтиёж ва қизиқишларидан келиб чиқади ҳамда жараёнда ўз таассуротлари, борлиқ
ҳаётдаги тушунчалари ва унга бўлган ўз муносабатларини акс эттирадилар. 
Ижодий ўйинларда ҳатти-ҳаракатларни, қоидаларни
эгаллаш асосида, ролда мужассамлаштирилган ахлоқий қоидалар ҳам ўзлаштирилади.
Ўйинда кишилар турмушига, ишларига, жамиятдаги хулқ-атвор меъёр ва қоидаларига
ижобий муносабат, муомала маданияти шакллантирилади. Худди шу жараёнда ўйин мавжуд
билимларни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам юзага келиб, унда ўқувчи
атроф-муҳитдаги вокеа ва ҳодисаларни акс эттириб, ҳаёлан айни пайтгача олган
билимларини қайта тиклайди ҳамда ўйиннинг ана шу хаёлий вазияти ўқувчининг ақлий
фаолиятининг ривожланишига мунтазам таъсир кўрсатади. Ўйинда ўқувчининг катта
ҳаракат тажрибаси шаклланади. Турли ҳаракатларни ривожлантириш ва
такомиллаштириш учун қулай шароит яратилади, ўқувчи ролга киради, ўз ролига оид
ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириш учун ўзига бириктирилган вазифанинг эътиборга
олиниши лозим бўлган хусусиятларини онгли равишда ифодалайди. Шу маънода,
ўйиннинг санъатга яқинлиги ижодий ўйинлардан эстетик тарбияда фойдаланиш имкониятини
ҳам яратади. Ўқувчи ўйинидаги ижодкорлик билан боғлиқ бўлган туйғулар эстетик
туйғуларга яқин туради. 
Таълимда қўлланилиши мумкин бўлган ижодий ўйинларнинг
бир тури бу-саҳналаштириш ўйинларидир. Бу ўқувчиларнинг мустакил ижодий ўйин
тури бўлиб, унда бадиий асар, ҳикоя ёки воқеликлар ўқувчилар томонидан ролларга
бўлиб ижро этилади. Бу ўйинлар ўқувчиларда ирода, интизом ва ўз ҳатти-ҳаракатларини
бошқара олиш, бошқаларнинг ҳаракатлари билан ҳисоблашиш каби ижобий-маънавий
хислатларни шакллантиради.
Саҳналаштириш ўйинларида ўқувчилар ўйин жараёнига
кириб борадилар, воқеа қаҳрамонларининг ички ҳаётига бевосита алоқадор бўлган қаҳрамонлик,
жасурлик, меҳрибонлик, жонбозлик, жонкуярлик каби ижобий фазилатларни ўзларида
яккол намоён қиладилар. Бу жараёнда ўқувчиларнинг нутқ фаоллиги, луғат бойлиги,
дунёқараши кенгайиб боради. 
Саҳналаштириш учун бадиий асар, эртаклар танлаш ўқитувчилардан
ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари, қизикишлари, истакларини ҳисобга олишни талаб
этади. Саҳналаштириш ўйинлари қизикарли ўтиши ва узоқ вақт давом этиши учун
керакли жиҳозлар тайёрланиши ва унга тўғри раҳбарлик қилиниши керак. Ўқитувчи жараёнда
ўйин режиссёри ролини амалга ошира бориб, ўқувчиларнинг ҳатти-ҳаракатлари, қобилиятлари,
интилишларини ҳисобга олиб борадилар. Машғулот якунида эса ўйинда фаол иштирок
этган ўқувчиларни алоҳида рағбатлантирилиб, ўзлаштирилган маълумотларни ўқитувчи
томонидан умумлаштирилиши ҳамда қўшимча маълумотлар билан тўлдирилиши мақсадга
мувофиқдир.
Ижодий ўйинлар таълимий ўйин сифатида ўқувчиларнинг
ёш хусусиятларига мос келадиган ўйинлар сирасига киради. Ижодий ўйинларнинг
муҳим белгиси ундаги коидаларнинг мавжудлигидир. Ўйинда ўйин нияти, ўйин
коидалари, ўйин ҳаракатлари уртасида узвий алока мавжуд. Ўйин мақсади ўйин
ҳаракатларининг табиатини белгиласа, ўйин коидаси ҳаракатлар, хусусан, вазифани
ҳал этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишга ёрдам беради. 
Ижодий ўйинлар оркали ўқувчиларга янги билимлар,
тушунчалар бериб борилади ва албатта қайта ўзида такрорлаш орқали
мустаҳкамланади. Бу ўйинларда ўқувчининг ҳар томонлама ривожланиши, билим
жараёни, сенсор маданияти, нутк фаолияти, ақлий қобилиятлари такомиллашади. 
Шунингдек, ўйинларда ўйин темпи ва ритми ҳам катта
роль ўйнайди, жуда секин ва бир текисдаги темп ўқувчини кўп куттиради, жуда тез
темп эса ўқувчиларни ҳаяжонга солади, турли баҳс-мунозараларга олиб келади. Шунинг
учун ҳам катталар томонидан ўйинни тўғри ташкил этиш ва  иштирокчиларини тўғри баҳолаш муҳим аҳамиятга
эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўйин таркибига
максад, режалаштириш, максадга эришиш, натижаларни таҳлил килиш каби
компонентлар албатта киритилиши лозим. Гарчи, ўйиннинг хусусияти унинг ижодийлигида
бўлсада ундан кутилаётган натижа, яъни ўқувчида пайдо бўладиган билим,малака
ёки кўникма энг асосий мақсад ҳисобланади. Балки шунинг учун ҳам, назарий жиҳатдан
ўйинга фаолият, жараён ва ўқитиш методи сифатида ҳам қараш мумкин. 
Таълим жараёнида бу каби ижодкорликка йўналтирилган
методлардан қай тарзда фойдаланиш эса ҳар бир мутахассис, таълим ёки тарбия берувчининг
ўзига боғлиқ.
 
Комментариев нет:
Отправить комментарий