ШАРҚ МИНИАТЮРА
САНЪАТИНИНГ ПЕШВОСИ.
Бу санъаткор Шарқ тасвирий санъатини дунёга танитган
ҳамда Осиёда ўзига хос мактаб ярата олган. У шарқ миниатюраси санъатига
ҳаётийлик, ҳаққонийликни олиб кирган ижодкордир.
Мавқе жиҳатидан зодагонлар хонадонига яқин бўлган
Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда дунёга келади. Ота онасидан жуда эрта жудо
бўлган Беҳзод ўша даврнинг машҳур мутафаккири Алишер Навоий ҳомийлигида камол
топади. У тасвирий санъат ва ҳаттотлик сирларини дастлаб ҳаттот ва мусаввир
Мирак Наққош қўлида ўрганади. Сўнгра Бухоролик мусаввир Усто Жаҳонгирнинг
шогирди Пир Сайид Табризий қўлида ўқишини давом эттиради ва тезда моҳир
санъаткор наққош ва мусаввир сифатида танилади.
У ўз давригача
бўлган тасвирий санъат соҳасида эришилган ютуқларни мукаммал эгаллади ва
мусаввирликда юксак инсоний фикрлар ва бошқа илғор ғоялар билан суғорилган
ҳаётий тасвирлари билан машҳур бўла бошлади. Бехзод ижодида дастлаб Алишер
Навоий, бироз кейинроқ Хусайн Байқаро китобхонасида ишлагани муҳим аҳамият касб
этади. Чунки, бу даврда Беҳзод шеьрий мунозара ва ижодий мажлисларда, анжуман
ва йиғилишларда қатнашади, ишлаган тасвирларини намойиш этиб олим ва
уламоларнинг фикр мулоҳазаларни эшитади ва тавсиялар орқали ижодини бойитиб
боради.
Беҳзоднинг сақланиб келган илк асарлари, 1470-1490
йилларга тўғри келади. Шу йилларда у
достон ва солномаларга кўплаб
расмлар ишлаган. Шулар ичида Шайх Саъдийнинг «Бўстон»(1475,1488) , “Гулистон”(1495), Алишер Навоийнинг “Хамса”(1485), Амир Хисрав
Деҳлавийнинг “Хамса”(1485), “Лайли ва Мажнун”(1495), Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”(1490
йиллар) асарларига чизган суратлари бор. Уларда турли воқеалар-майиший ҳаёт,
жанг ва ов воқеалари, шаҳзода ва
маликаларнинг расмлари ишланган.
Беҳзоддан бизга қадар ранг-баранг жанрларда кўплаб
асарлар етиб келди. У Шарқ тасвирий санътини жанр, мавзу, ғоявий йўналиши,
тузилиши, ранглар мутаносиблиги, шакл ва воқеалар уйғунлиги жиҳатидан янги
тараққиёт чўққисига кўтаради: Оддий ҳаёти воқеа-ҳодисалардан тортиб, машриқ
заминда кенг ёйилган анъанавий лавҳалар асосида гўзал миниатюралар чизди, даҳо
алломаларнинг шоҳ асарларини, тарих китобларини безади. Унинг асарларини яна
бир тарихий ва бадиий аҳамияти шундаки у замонасидаги буюк шахсларининг аксини-портретини
яратди. Жумладан, Саьдий "Бустони"(1488)га Султон
Хусайн Мирзо сурати базм
пайтида ишланган. Бўстонга ишланган суратлардан бошқа бирида Эрон шоҳи Доронинг йилқичи сарбонлар қаршисидан чиқиб қолиши тасвирланади. Шунингдек,
у Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий,
Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Султон Хусайн Мирзо каби тарихий шахсларнинг
портретларини ҳам ишлаган.
Ҳозирда Париждаги шахсий коллекцияда сақланаётган
Султон Хусайн Мирзо портретида у шоҳона кийимда тасвирланиб, унинг барча хислатларини
ифодалашга ҳаракат қилинган. Қиёфасидан
кучли ирода, жисмоний қувватга эга бўлганлиги сезилиб туради. Тўладан келган
гавдаси, ҳорғин юзли, қисиқроқ кўзи,
узукли нозик қўллари тасвирдагига ҳукмдор умрининг кўп қисми фақат маишат билан
ўтганлигида далилдир. Бехзод Султон Хусайин Мирзонинг ички ва ташқи дунёси
кўринишини реал тарзда тасвирлай олган.
ХVI асрнинг дастлабки йиллари яратилган Бехзод
мўйқаламига мансуб суратларда мусаввирнинг юксак камолоти, шунинг билан бирга
хиссий кечинмаларнинг мураккаблаша бошлаганлиги, ички дунёсида пайдо бўла
бошлаган руҳий маьюсликнинг аксини кўришимиз мумкин. Камолиддин Беҳзод саксон
йиллик узоқ ва мазмундор ҳаёти давомида Султон Хусайн Мирзо (1469-1505),
Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510), Шоҳ Исмоил Сафовий (1501-1524), Шоҳ Таҳмосиб
Сафовий (1524-1576) лар ҳукмронлик қилган салтанатни кўрди. Темурийлар сулоласи
пойтахти Ҳиротда, Сафовийлар пойтахти Табризда яшаган даврлари нафақат
мувоффақиятларга, балки қийнчилик, азоб-уқубатларга ҳам тўла бўлди. Аммо, шунга
қарамай у ижтимоий борлиқдан олган бой ва ранг баранг
ички таассуротларини, ички кечинмаларини, кайфиятларини ўз ижодида зўр маҳорат билан
тасвирлади.
Беназир ижодкор Камолиддии Бехзод 1530 йилда вафот
этади. Унинг ҳаётини сўнгги йилларидаги шоҳ асарларидан бири икки туянинг
олишувини акс эттирадиган суратдир.
Унинг ижоди Шарқ халқлари, айниқса Ўрта Осиё, Эрон, Афгонистон,
Азарбайжон тасвирий санъати ривожига катта таьсир ўтказган. Бу таьсирда унинг
кўпсонли мухлислари муҳим ўринни эгалладилар. Улар Бехзод ижодини давом аттириб
Шарқ миниатюра санъатининг кенг қирраларини очилишида етакчилик қилдилар.

